Баракали бир дирҳам
Бир ота бетоб бўлиб қолибди. Тўрт-беш нафар ўғли бор экан. Кенжаси: “Отамга мен қарайман. Ўзим боқаман. Умримнинг охиригача хизматини қиламан. Эвазига меросдан воз кечаман”, — дебди. Қаранг, ҳайрон бўляпсиз-а? Шу қадар бизга бегона бу ҳолат... Бизда қандай бўлади? “Эвазига меросни мен оламан”, — дейилади... У бўлса: “Эвазига меросдан воз кечаман”, — деяпти. Биз нима қиляпмиз? Биз отамиздан амал-тақал қилиб олишимиз керак. Отамиз билан ишимиз йўқ. Одамлар шу даражага етиб келганки, ҳозир бу фикрни миямиз қабул қилолмайди. "Отамга мен қарайман, эвазига отамдан қоладиган ҳар нарсадан воз кечаман", — дебди. Ака-укалар рози бўлишибди. Отасига қарабди. Умр бўйи хизматини қилибди. Ота раҳматли бўлибди. Бу дунёдан кетибди. Умри поёнига етибди. Отасининг хизматини қилган, унинг меросидан улуш тегмаган бола қийин аҳволда қолиб кетибди. Иш йўқ, мерос йўқ. Лекин сабр бор. Бир кун туш кўрибди. Тушида нуроний бир одам айтди: “Фалон тошни кўтарсанг, тагида юз дирҳам бор, лекин баракаси йўқ”. Уйғонгандан кейин бу ҳақда ўйлабди. Ўша пул қайси тошнинг тагидалигини билади. Лекин баракаси йўқ. “Баракаси бўлмаса, керак эмас”, — дебди. Орадан озгина вақт ўтганидан кейин рўзғорда яна етишмовчилик бошланибди ва яна бир туш кўрибди. Тушида яна ўша одам: “Фалон тошнинг тагида ўн дирҳам бор. Лекин унда ҳам барака йўқ”, — дебди. “Аллоҳ, Аллоҳ, бунинг ҳам баракаси бўлмаса, нима қиламан олиб?” — дебди бола. Кунлар ўтибди. Яна туш кўрибди. Тушида яна ўша одам: “Фалон тошнинг тагида баракали бир дирҳам бор”, — дебди. Уйғониб: “Баракали дирҳамни оламан”, — дебди. Борибди, тошни кўтариб қараса, ҳақиқатан ҳам унинг тагида бир дирҳам бор экан. Уйига қайтиб келибди. Бир дирҳамга ўша пайт битта балиқ берар экан. Бола-чақасига нимадир олиб келиши керак-ку. Балиқ сотиб олибди. Уйига олиб келиб, очиб қараса, ичидан марварид дур чиқибди. Иккита! У дурнинг нархини билмайди-ку. Биттасини аёлига бериб: “Тақиб юрасан”, — дебди. Аёли хурсанд бўлибди. Иккинчисини бозорга олиб бориб сотибди. Қимматбаҳо тошлар билан шуғулланадиган бир одам ундан дурни сотиб олибди. Анча пул берибди. Уйига бозор-ўчар қилиб, кам-кўстини тўлдирибди, ёнида озгина пул ҳам қолибди. Хурсанд бўлиб ётса, кечқурун дупур-дупур қилиб подшонинг навкарлари кириб келишибди. Уни подшонинг ҳузурига олиб боришибди. Подшо сўрабди: — Мана бу дурни сен сотдингми? — Ҳа, мен сотдим. — Уни қаердан олдинг? — Бир балиқнинг ичидан чиқди. — Иккита чиққан бўлиши керак. Иккинчиси қани? — Иккинчисини аёлимга совға қилдим. — Уни менга сот. Қанча десанг, бераман. Сизга савол: қанча дердингиз? Бу воқеани айтиб берган одам ўғлини қўлида кўтариб ҳикоя қилган экан. Шунда ўғлидан сўрабди: “Ўғлим, агар подшо сенга шу гапни айтганида, қанча сўрардинг?”. Ўғли: “Баракали бир дирҳам сўрардим”, — дебди.
Бизнинг жамиятимиздаги жуда кўп ўлчовлар нотўғри. Мерос, мулк, ер масалаларида... Ота-оналар кексайганида уларни ярим йўлда ташлаб кетаётганлар учун бу ибрат бўлиши керак. Бизнинг ўлчовларимиз нотўғри. Биз ҳам ота-оналаримизга қараш учун ака-укаларимиз билан талашишимиз керак. "Мен қарайман, уларга мен ғамхўрлик қиламан", - дейишимиз керак. Кейин кеч бўлиши мумкин. Миллионлар сарфлаб ош бериш, қимматбаҳо қабртош ўрнатишда заррача мантиқ йўқ. Бу кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас!
"Оёқяланг болалар" китобидан
@Vaqtqadri